Rektor virtual
qabulxonasi

Farg'ona politexnika instituti

O'zbekiston kelajagi uchun yetuk, barkamol va raqobatbardosh kadrlarni tayyorlash!
Фарғона политехника институти профессор-ўқитувчилар жамоасининг ёшларга мурожаати

МУРОЖААТИ

Ҳурматли ёшлар!

Барчамизга маълумки, Республикамиз иқтисодиёти тармоқларини янада ривожлантириш, модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялаш каби вазифалар ихтисосликлар бўйича юқори малакали кадрлар томонидан амалга оширилади. Айнан ана шундай кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш ва иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларига бўлган эҳтиёжларини қондириш устувор вазифалардан биридир. Юқоридагиларни амалга ошириш мақсадида 2016 йил 26 май куни Республикамиз Президентининг “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Мазкур Қарорнинг 1-иловасида тақсимот бўйича бизнинг институтимизга 2016/2017 ўқув йилига ўқишга қабул қилиш квотасига кўра бакалавриатнинг 24 та таълим йўналишига жами 1365 нафар (586 нафар Давлат гранти ва 779 нафар тўлов-контракт асосида) талабалар ва магистратуранинг 10 та мутахассислиги бўйича жами 58 нафар (28 нафар Давлат гранти ва 30 нафар тўлов-контракт асосида) талабалар қабул қилиш режалаштирилган.

Мамлакатни электр энергияси билан тўлиқ таъминланганлиги ҳар қандай мамлакат Мустақиллигини мустаҳкамлашнинг ва социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади

Республикамизда Энергетика соҳасида қатор диққатга сазовор ва энергиятежамкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда,  жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси”да қайд этилганидек, Тошкент иссиқлик электр станциясида 370 мегаватт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмаси барпо этилди, Чорвоқ ГЭСи гидрогенераторлари модернизация қилинди, Наманган вилоятининг Поп туманида 130 киловатт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиб, синовдан ўтказилмоқда. 2020 йилга бориб мамлакатимизда ҳар бири 100 мегаватт қувватга эга яна учта қуёш электр станциясини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бундай ва шу каби кўламдаги ишларни бажаришга қаратилган мутахассисларни тайёрлашда институтимизга ажратилган квотага кўра  Энергетика факультети таркибидаги таълим йўналишларига қуйидаги миқдорда талабалар қабул қилиш режалаштирилган: “Электр энергетикаси” йўналишига 150 та; “Электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари” йўналишига 20 та; Касб таълими (Электр энергетика) йўналишига 15 та; “Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти” йўналишига 50 та.

Бугунги  кунда  Мустақил Республикамизнинг барча сохаларида бўлгани каби “Қурилиш”, “Архитектура ва қурилиш” соҳаларига ҳам катта эътибор қаратилаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.

2016 йилда қишлоқ жойларда 13 минг намунавий уй-жой бинолари барпо этиш, узунлиги 900 километр тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр тармоқлари тортиш, 325 километр йўл қурилиши мўлжалланган. 

Шаҳарларни замонавий кўринишда реконструкция қилиш, кўча ва йўлларни замон талаблари даражасига келтириш, қишлоқ жойларда намунавий уй жой бинолари қурилиши, янги бош режалар тайёрлашда ва хаётга тадбиқ этишда, қурилиш, ободонлаштириш ишларини амалга оширилишида малакали етук мутахассис кадрларга бўлган талаб кундан кунга ошиб бормоқда.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, институтнинг “Қурилиш” факультетида қуйидаги 5 та бакалавриат йўналиши бўйича қуйидаги миқдорда  талабалар қабули режалаштирилган: “Архитектура” йўналишига 40 та; “Қишлоқ худудларини архитектуравий лойиҳалашни ташкил этиш” йўналишига 75 та; “Шаҳар қурилиш ва хўжалиги” 50 та; “Геодезия, картография ва кадастр”- 50 та; “Мухандислик коммуникациялари қурилиши ва монтажи” йўналишига 100 та.  

Институтнинг “Ишлаб чиқаришда бошқарув” факультети таркибидаги таълим йўналишларининг фаолият объектлари бўлиб, қуйидагилар хисобланади:

– хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳулқ-атвори, уларнинг ҳаражатлари ва натижалари, ҳаракатдаги бозорлар, молия ва ахборот оқимлари, таълим жараёнига мос касб-ҳунар коллежларидаги ўқув-тарбия жараёни, иқтисодиётнинг тармоқлар ва сохалар бўйича  тармоқлари, ишлаб чиқариш, ноишлаб чиқариш мажмуалари ва ишлаб чиқариш бирлашмаларини ривожлантириш асослари, фирма ва компаниялар, шунингдек, турли мулк шаклидаги корхоналарни бошқариш, илмий тадқиқот муассасалари ва маҳаллий давлат органларида иқтисодий фаолиятни таъминлашдан иборатдир.

Ҳозирда “Иқтисодиёт” таълим йўналиши битирувчиларига бўлган талаб мунтазам равишда ошиб бормоқда. Қабул квотасига кўра “Ишлаб чиқаришда бошқарув” факультети таркибидаги таълим йўналишларига қуйидаги мимқдорда талабалар қабул қилиш режалаштирилган:  “Иқтисодиёт”, “Менежмент” ва “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” йўналишларининг хар бирига 20 нафардан, “Касб таълими (Иқтисодиёт)” йўналишига 10 та ва “Хизматлар соҳаси” йўналишига эса 50 нафар.

Мамлакатимизда машинасозлик саноати ривожланиб бораётган бир даврда, жумладан, олий маълумотли мухандис механикларга бўлган эхтиёж янада ортиб бормоқда.

Республикамизда машинасозлик йўналишида олиб борилган ислохатлар натижасида 3 та йирик автомобил ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритиб келмоқда. Шунинг билан бирга вилоятнинг йирик саноат корхоналаридаги механика цехлари замонавий талаблар асосида модернизация қилиниб, тобора такомиллашиб бормоқда.          Замонавий корхоналар тўлиқ қувват билан, самарали ишлаши учун чуқур билимли ва малакали инженер-техник кадрларга  эҳтиёж янада кўпроқ талаб этилмоқда.

Институтнинг 2016-2017 ўқув йили учун қабул квотасига кўра механика-машинасозлик факультети таркибидаги таълим йўналишларига қуйидаги миқдорда талабалар қабули режалаштирилган: “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналишига 80 та; “Технологик машина ва жихозлар (кимёвий саноати бўйича)” йўналишига – 100та; “Енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси” йўналишига 40 та; “Табиий толаларни дастлабки ишлаш технологияси (хом-ашё турлари бўйича)” йўналишига 25 та.

Президентимизнинг “2015-2019 йиллар учун ишлаб чиқаришнинг тузилмавий қайта тузилиши, замонавийлашиши ва диверсификациясини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонига кўра,                 5 йил ичида 876 инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шулардан фақат озиқ-овқат саноати соҳасида, айниқса ёғ-мой саноатига янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш ва қувватларни ошириш мақсадида 2020 йилга қадар фақат давлат инвестиция дастурларига кўра,  304 йирик лойиҳа ва 5000 янги ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу эса йилига қўшимча равишда 100 минг тонна озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, 130 хилдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Юртимизда кейинги йилларда янгидан-янги кимёвий ишлаб чиқариш корхоналари бунёд бўлмоқда. Жумладан, жанубий кореялик инвестор ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо этилган, Устюрт газ-кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводида 6 миллиард куб метр газ ишлаб чиқарадиган учта олтингугурт тозалаш блоки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 70 минг тонна мис эритиш қувватига эга бўлган янги печ, Жиззах вилоятидаги цемент заводининг қувватини 1 миллион тоннагача ошириб берувчи технологиялар жорий қилинган, “Farg’onaazot”АЖ ва “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” АЖ ларининг технологиялари  модернизация қилинган. Бундай ўсиш билан бир қаторда замонавий корхоналарда фаолият олиб бориш учун етук мутахассисларга ҳам талаб ошиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ҳам чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон  Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Мамлакатимизни 2015 йилида ижтимоий-иқтисодий ривожлатириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасидаги маърузаси”да қайд этилганидек, мамлакатимизда буғдойдан гектаридан ўртача 55 центнер ҳосил олингани, айрим туманларда бу кўрсаткич 60-77 центнерни ташкил этгани, қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривожлангани туфайли ўтган 2015 йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди. Қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2015 йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 та корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, институтнинг Кимё-технология факультетидаги 4 та бакалавриат йўналиши бўйича қуйидаги миқдорда  талабалар қабули режалаштирилган: “Кимёвий технология” йўналишига 125 та; “Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси” йўналишига 75 та; “Озиқ-овқат технологияси” йўналишига 50 та; “Нефт ва нефт-газни қайта ишлаш технологияси” йўналишига 20 та.

 

Тайёрланаётган кадрлар Мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда, Ватанимиз бўйлаб олиб борилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини амалга оширишда, мухандислик коммуникациялари ва инфратузилма объектларини барпо этишда фаол иштирок этишлари орқали шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада гўзал, кўркам бўлишига ўзларининг муносиб хиссаларини қўшадилар.

 

Азиз абитуриентлар!

Мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши Сизнинг қайси таълим йўналишини танлашингизга ҳам боғлиқ. Зеро, фақат ўз билими, иқтидорига мос йўналишни танлаган, келажакда қандай мутахассис бўлишини онгли равишда ҳис этадиган, бўлажак касбига юрагида қизиқиш бўлган абитуриентлардан юқори малакали, етук кадрлар етишиб чиқади.

Ўйлаймизки, Сиз ўз иқтидорингизни чамалаб, ўзингизни қизиқтирган таълим йўналишга хужжат топширасиз. Бизнинг институтимизда эса Сизнинг яхши ўқишингиз, чуқур билим олишингиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё.

 

Хурматли ёшлар, Фарғона политехника институтига марҳамат!

-->